Маълум қилинишича, Франция президенти Эммануел Макрон жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюради.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг айтишича, Франция раҳбарининг ташрифи икки давлат учун муҳим воқеа бўлади.
«Икки давлат ҳукуматлари Франция Президенти Макроннинг жорий йилги ташрифи амалий аҳамиятга эга бўлиши учун саъй-ҳаракатларни амалга ошириши зарур», — деди Қудратов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида.
2022-йил август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи чоғида умумий қиймати 6 миллиард евродан ортиқ бўлган 14 ҳужжат имзоланиб, турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган эди.
Икки давлат раҳбарларининг учрашувида Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб, кенг кўламли юқори даражадаги шериклик муносабатларига ўтиши ҳам маълум қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эммануел Макронни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди.