Германия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюрди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов Германиянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тило Клиннер билан учрашди.

Учрашувда икки давлат ўртасида имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар, шунингдек, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг олтинчи йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинган «йўл харитаси» муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Германия бозорига кенг турдаги сифатли ва рақобатбардош Ўзбекистон маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этиш, Германиянинг етакчи компанияларини жалб этган ҳолда қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда немис таълим услублари ва стандартларидан фойдаланган ҳолда кадрлар малакасини ошириш марказларини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Германия томони ишбилармон доиралар вакилларининг ўзаро сафарлари юқори самарадорликни қайд этиб, 2023-йилда республикамизнинг турли соҳалари вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Германиянинг етакчи компанияларини таклиф этган ҳолда Ўзбекистонда бизнес-форум ташкил этишни таклиф қилди.

Суҳбат натижасида икки давлат ўртасида имзоланган барча иқтисодий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги ва Германия элчихонаси ўртасида мунтазам мулоқот ўтказиш бўйича келишувга эришилди.