Хитой Халқ Республикаси элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6-февраль куни дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Цзян Янни қабул қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари элчининг Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги самарали фаолияти ва фаол саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этди.

Ўтган йилнинг сентабр ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муваффақиятли якунланди.

Сўнгги бир неча йил ичида товар айирбошлаш икки баравар, қўшма лойиҳалар ва корхоналар сони уч баробар ошди. Йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини илгари суриш бўйича амалий ҳамкорлик бошланди.

Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда, таълим, соғлиқни сақлаш, археология, туризм ва бошқа соҳаларда муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.

Икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги даражасига эришишга қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан элчи Цзян Ян мамлакатимизнинг олий давлат мукофоти – «Дўстлик» ордени билан тақдирланди, дейилади хабарда.