Хоразм вилоятида 3 нафар ҳоким ва соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи алмаштирилди

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Қўшкўпир туманида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди, унда Хоразм вилояти ижро ҳокимияти тизимига янги кадрлар тайинлаш бўйича ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Эгамов Бобурбек Қушкўпир туманига янги ҳоким этиб тайинланди. У бунга қадар Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертизадан ўтказиш маркази ДУК директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Шунингдек, Урганч вилоятида халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Ғайратжон Султонов мазкур туманга янги ҳоким бўлди.

Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар у Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Жаҳонгир Назаров Боғот вилоятига ҳоким бўлди. У бунгача Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Содиқжон Содиқов Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар этиб тайинланди.

Бунгача Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.