Хорватия ва Эстониянинг Ўзбекистондаги элчилари тайинланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазис Комилов икки давлатнинг янги тайинланган элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Бугун, 25-ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Хорватия Республикаси ва Эстония Республикасининг (қароргоҳи Нур-Султон шаҳрида) янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчилари Рефик Шабанович ва Тоомас Тирсни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазир ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, элчиларни янги лавозимга тайинлангани билан табриклади ва мас’улиятли лавозимида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама даражада ва “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” форматидаги Ўзбекистон-Хорватия ва Ўзбекистон-Эстония муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий таклифлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди.