Қирғизистон Президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

Қирғизистон Президенти Содир Жапаров расмий икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келади. Унинг келиши 2021 йил 11 мартга режалаштирилган.

У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюради.

Яқинда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги музокаралар чоғида ўзбек-қирғиз дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг барча масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Раҳбарлар учрашувининг кун тартибига конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ўзаро алоқаларни кенгайтириш, парламентлараро ва минтақалараро алоқаларни кенгайтириш, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳалари қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб жиҳатлари киритилган.

Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилади.

Музокаралар натижасида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг турли соҳаларига тааллуқли қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни имзолаш кўзда тутилган.

Дастурга мувофиқ Қирғизистон Президенти, шунингдек, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси раҳбарлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан учрашади, мамлакат саноат корхоналари фаолияти билан танишади.