Комилов: Афғонистондаги гуманитар вазият ҳалокатга яқин

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари вазирлар йиғилишидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда инсонпарварлик фалокатининг олдини олиш чораларини кўришга чақирди.

«Бугун афғон халқи жуда оғир аҳволда. Мамлакатдаги ҳозирги гуманитар вазият ҳалокатга яқин. Афғонистон халқига самарали ёрдам кўрсатиш бизнинг қўлимизда. Афғонистонга гуманитар йулак очиш зарур. Шунингдек, биз жаҳон ҳамжамиятини санкцияларни олиб ташлаш, Афғонистоннинг халқаро активларини музлатиш ва мамлакат банк тизимини тиклашда кўмаклашиш чораларини кўришга чақирамиз”, деди у “Италия-Марказий Осиё” форматидаги иккинчи вазирлар учрашувида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Афғонистонни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак тарих, дин, урф-одат ва анъаналар боғлаб туради. Бу мамлакатда дунё ҳамжамиятининг тан олинишига интилаётган Толибон ҳаракати бошчилигидаги янги ҳукумат – Муваққат ҳукумат пайдо бўлди.

“Биз ҳозирги воқеликда Афғонистоннинг янги ҳукуматлари билан узоқ вақтдан бери азоб чекаётган бу давлат қайтадан “ғайриоддий давлат”га айланиб қолмаслиги учун конструктив мулоқот олиб бориш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шу боис Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон Муваққат ҳукумати кўп миллатли афғон жамияти манфаати йулида муваффақиятли фаолият юритиши умидида тузилганини олқишлади”, – дея таъкидлади у.

Комиловнинг қўшимча қилишича, асосий масала Афғонистон бўйича можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқишдир. Афғонистоннинг иқтисодий характердаги минтақавий интеграция жараёнларида, шунингдек, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда фаолроқ иштирок этиш устувор вазифа бўлиб қолиши керак.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистоннинг янги ҳокимиятлари ўз ваъдалари ва халқаро мажбуриятларини бажаришига умид қилади ва кутади, жумладан:

кенг вакилликка асосланган ҳукуматни яратиш;
халқаро терроризм ва наркотрафикга қарши кураш;
турли террористик гуруҳларнинг мамлакат ҳудудига жойлаштирилишига йул қўймаслик, улар билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатиш;
минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини сақлаш;
асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, шу жумладан аёллар ва миллий озчиликларга риоя қилиш.

“Афғонистон ҳудудидан ҳеч қачон минтақа давлатлари учун ҳам, дунёнинг бошқа давлатларига ҳам заррача таҳдид бўлмаслиги керак”, — дея қўшимча қилди Абдулазиз Комилов.