Марказий Осиё давлатлари президентлари Қирғизистонда учрашади

Иссиқкўл соҳилидаги Чўлпон-Ота шаҳрида сўнгги беш йил ичида қўшни давлатлар раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21-июл куни бўлиб ўтадиган учрашувга тайёргарлик кўриш ва кун тартибини муҳокама қилишди, деб хабар қилди президент маъмурияти.

Қайд этилишича, Марказий Осиё давлатларининг барча раҳбарлари ушбу тадбирда иштирок этиш таклифини қабул қилган.

Минтақа давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан 2017-йил сентабр ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Биринчи саммит 2018 йилнинг март ойида Нур-Султонда бўлиб ўтган эди.