Қорақалпоғистон ҳукумати 1 июл куни Нукусда бўлиб ўтган митинглар юзасидан расмий баёнот берди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги 1 июл куни Нукусда қайд этилган тартибсизликлар юзасидан қўшма баёнот берди.

Баёнот матни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси расмий сайтида эълон қилинган:

«Ўзбекистон Республикаси томонидан олиб борилаётган очиқлик ва фикр эркинлиги сиёсатига қарамай, 2022-йил 1-июл куни Нукус шаҳрида жиноий гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси давлат бошқарувини эгаллаб олишга уриниб, ноқонуний хатти-ҳаракатлар уюштирилди.

Популистик шиорлар ортига яширинган, фуқаролар онги ва ишончини манипуляция қилган тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимиятнинг қонуний талабларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий бинолари мажмуаси олдидаги майдонга тўплашди.

Йиғилган фуқароларга таянган провокаторлар ушбу давлат институтларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятни парчалашга, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилишди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилган қатъий чоралар билан қўзғатувчиларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, оммавий тартибсизликлар уюштиришга уринишлар маҳаллийлаштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги Нукус воқеалари юзасидан расмий баёнот берди.

Вазиятнинг янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун давлатимиз зарур салоҳиятга эга эканлигини масъулият билан билдирамиз. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фаол қаршилик кўрсатган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Ҳозир улар тергов остида. Барча провокаторлар аниқланиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Бундай шароитда хориждан маълум носоғлом ташқи кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, жумладан, мақсадли ахборот тарқатиш ва содир бўлаётган воқеаларни бузиб кўрсатиш орқали таъсир ўтказишга уринишлари ташвиш уйғотмоқда.

Ҳозирги вазиятда жамият барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг шошқалоқлик ва ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, ҳуқуқий соҳада юзага келган муаммоларни қонунчилик доирасида ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилиш муҳим аҳамият касб этади», — дейилади хабарда.