Озарбайжон президенти Ўзбекистон пойтахтига келди

Бугун, 21-июн куни Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Ўзбекистон Республикасига келди.

21-июн куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, сафар Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари бугунга белгиланган. Олий даражадаги музокаралар давомида Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.

Саммит якунлари бўйича саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, фан ва инновациялар, туризм ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Эртага Озарбайжон раҳбари Хивага ташриф буюриб, қадимий шаҳарнинг тарихий обидалари билан танишади.