Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари этиб тайинланди

Ишдан бўшатилган президент ма’мурияти раҳбари дарҳол Касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ушбу ташкилот Бош кенгашининг бугун, 8 июл куни видеоселектор шаклида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши ҳақида маълум қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Бош кенгаши аъзолари, раис ўринбосарлари ва аппарат масъул ходимлари, Федерациянинг тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари ва ҳудудий кенгашлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, қуйи тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишни Федерация раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов олиб борди.

Йиғилишнинг ўтказилишига ташкилий масала сабаб бўлди – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Зайнилобиддин Шаҳоббидинович Низомиддиновни сайлаш масаласи овозга қўйилди. Иштирокчилар бир овоздан ёқлаб овоз беришди.