Президент Туризм ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади

Ўзбекистонда туризм ва спорт билан шуғулланадиган янги вазирлик ташкил этилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди.

Ҳозир Азиз Абдуҳакимов эгаллаб турган Бош вазир ўринбосари — Туризм давлат қўмитаси раиси лавозими Бош вазир ўринбосари — Туризм ва спорт вазирига айлантирилди.

Туризм давлат қўмитаси ва Спорт вазирлигини бирлаштириш режалари феврал ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган эди. Шу билан бирга, Азиз Абдуҳакимовга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти ишониб топширилган (вазир Дилмурод Набиев лавозимидан озод қилинганидан кейин).

“Кўпгина спорт иншоотларидан фойдаланилмайди, самарадорлик 50% дан паст. Улар туну кун ишлашлари керак”, деди давлатимиз раҳбари Азиз Абдуҳакимовга.

Спорт вазирлиги 2018 йил феврал ойида Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси негизида ташкил этилган. У бир йил олдин Маданият вазирлиги билан биргаликда — 2017 йил февралида тугатилган Маданият ва спорт вазирлигининг ўрнига ташкил қилинган эди. Кейин Президент фармонида маданият ва спорт соҳаларини битта вазирликда бирлаштириш самарасиз бўлиб чиққани қайд этилди.