Путин ва Мирзиёев телефон орқали Нукусдаги воқеаларни муҳокама қилди

Бугун, 5 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Россия раҳбари биринчи бўлиб Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган қатъий чораларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Сўнгра президентлар стратегик шериклик ва уни ривожлантириш, давлатимиз раҳбарининг 2021-йил ноябр ойида Москвага ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Томонлар икки томонлама алоқалар ва ўзаро алмашинувлар сонининг ўсишини қониқарли деб эътироф этдилар. Хусусан, жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми учдан бирдан кўпроққа ўсди. Йирик сармоявий лойиҳалар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш фаол давом этмоқда.

Ниҳоят, икки давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибини, бўлажак тадбирлар жадвалини, шу жумладан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини муҳокама қилдилар.