Россия-Ўзбекистон 2-минтақалараро форуми якунлари сарҳисоб қилинди. Тадбирлар давомида 8,9 миллиард долларлик ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги раҳбари Максим Решетников маълум қилди.
“Биргина сўнгги кунларда форум доирасида молиялаштириш ҳажми 3,6 миллиард доллар бўлган 28 та шартнома имзоланди. 113 дан ортиқ лойиҳа муҳокама қилинмоқда, меморандумлар мавжуд, ёндашувлар мавжуд, бироқ улар бўйича музокаралар давом этмоқда, вақтинчалик ҳужжатлар мавжуд – бу тахминан 3,7 миллиард доллар. Шунингдек, сўнгги бир ярим ой давомида форумга тайёргарлик ва қизғин икки томонлама ташрифлар доирасида 1,6 миллиард долларлик 450 та савдо ва экспорт шартномалари имзоланди. Мана, ўтган ойда имзоланган шартномалар ҳажми, эҳтимол форумга тайёргарлик жараёнида бироз кўпроқдир – салкам 9 миллиард доллар”, деди вазир.
Решетниковнинг таъкидлашича, гап бир марталик келишувлар ҳақида эмас, балки Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳудудлари даражасида “ўрнатилган ҳамкорлик тизими” ҳақида бормоқда.
Буни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳам тасдиқлади ва форум доирасидаги бутун лойиҳа циклининг “саноат ва тизимли”лигини таъкидлади.
“Бизда аллақачон лойиҳа ғоясидан аниқ амалга оширишгача бўлган [лойиҳага ҳамроҳлик қилувчи] қўшма лойиҳа офисимиз бор. Бугун биз келишиб олдикки, амалга оширилгандан кейинги даврда у ҳам ушбу лойиҳалар, барча савдо шартномалари билан бирга бўлади. Яъни, биз ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтмоқдамиз”, — дея Умурзоқов сўзларини келтиради.
Шунингдек, у жорий йил охиригача Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини айтди.