Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида кадрлар ўзгариши содир бўлди.

Маҳалла ва оила ишлари вазири Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги.

Маматов 2020-йил февралидан бери вазир лавозимида ишлаб келаётганди. 2020-йил январ ойида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси этиб тайинланган эди.

2017-2020-йилларда Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. 2013-2014-йилларда Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. Шунингдек, турли йилларда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ва Қашқадарё вилоятида туман ИИБ бўлимларига раҳбарлик қилган.

Вилоят ички ишлар бошқармасининг аввалги бошлиғи Шавкат Раҳмонов бошқа ишга ўтгани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев байрами арафасида Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, шунингдек, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод этилган эди. Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи қаттиқ огоҳлантирилди. Бундай қарор мазкур ҳудудларда кўплаб бахтсиз ҳодисалар туфайли қабул қилинган.