Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади

Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош Ассамблеяси мамлакатимизда бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган UNWTO 24-сессиясида овоз беришдан сўнг маълум қилди.

2023-йилда Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади. UNWTO-нинг Мадридда (Испания) 24-сессиясида Бош Ассамблеяни чақириш жойи бўйича овоз бериш жараёнида Ўзбекистон Португалияни четлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов: “Тарихда биринчи марта Ўзбекистонда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсат, туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир”.

У “UNWTO Бош Ассамблеяси сессиясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларни жалб этиб, маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларга даромад келтиришини” таъкидлади. Бундан ташқари, тадбирнинг Ўзбекистонда юқори савияда ўтказилиши “мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга хизмат қилади”.

Айни пайтда Самарқандда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда – кўчалар қайта қурилмоқда, янги аеропорт қурилиши якунланмоқда. Эшкак эшиш канали бўйида 212 гектар майдонда “New Renaissance” конгресс-холл, меҳмонхоналар, ресторанлар, дам олиш масканлари, савдо марказлари, амфитеатр ва “Абадий шаҳар” мажмуасига эга Samarkand Touristic Centre барпо этилмоқда. Унинг очилиши 2022 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган.