Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 8 июл куни бўлиб ўтади

Бугун, 5 июл куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди ва унда навбатдаги ялпи мажлис тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлисини жорий йил 8 июлга чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Таъкидланишича, видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

“Солиқ маслаҳати фаолияти тўғрисида”, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Сенаторлар дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит объектлари, сув ва йул хўжалигига салбий таъсири ҳамда маҳаллийлаштиришни амалга ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

Шунингдек, ялпи мажлисда экспорт ҳажмларининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг ассортиментини диверсификация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистонда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган депутатлик сўровлари якунлари ҳам кўриб чиқилди. Ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар, гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг аҳволи юзасидан ҳам саволлар кўриб чиқилди.

Ялпи мажлис доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш режалаштирилган.