Айрим давлатлар бир неча йилдан буён ШҲТ доирасида ўз миллий валютасидан фойдаланиш масаласини кўтариб келмоқда. Бу масала томонлар ўртасида муҳокама қилинмоқда, бироқ келишувга эришилмаган.
ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 29-июл куни бўлиб ўтган йиғилишидан сўнг ташкилотга аъзо давлатлар ўзаро савдода АҚШ долларидан воз кечиши мумкинми, деган саволга ШҲТнинг Ўзбекистондан миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов жавоб берди.
«Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида энг устувор йўналиш – иқтисодий. Булар саноат кооперацияси, ички савдо, яшил иқтисодиёт ва рақамли трансформация – буларнинг барчаси концепцияда раислигимизнинг устувор йўналиши сифатида ўз аксини топган. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган тадбирда янги ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.
[ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида] савдони миллий валюталар орқали амалга оширишга босқичма-босқич ўтиш масаласи бугун кўтарилмаган. Бу мавзу ШҲТга аъзо айрим давлатлар томонидан бир неча йиллардан бери кўтарилиб келинмоқда. Бу борада якуний қарор қабул қилинмаган.
Махсус режа ишлаб чиқилмоқда. Бу қандайдир якуний ҳужжат эмас, уни ишчи дастур деб аташ мумкин. Ушбу дастур томонлар ўртасида экспертлар даражасида ҳамон муҳокама қилинмоқда», — деди ШҲТ координатори.