Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО бош директори билан учрашди

Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ тизимининг ушбу нуфузли институти билан конструктив ва самарали ҳамкорлигини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Самарали ҳамкорликнинг бугунги даражаси мамнуният билан қайд этилди. Мамлакат дастури ва қабул қилинган “Йул харитаси”га мувофиқ қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз илк бор номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш халқаро қўмитасига аъзо этиб сайланди. “Бахши” санъати ва “Лазги” рақси номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган.

Ўзбекистондаги тарихий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси ва минтақавий гуманитар ҳамкорлик бўйича Хива жараёни бошланди.

ЮНЕСКО мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантириш учун ҳам техник ёрдам кўрсатмоқда.

Шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йуналишлари бўйича қўшма тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Учрашувда бош директор Одри Азуле Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, болаларни тарбиялаш ва таълим олиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро қиёслашда энг муваффақиятлиси сифатида юқори баҳолади ва қайд этди.

Мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича Тошкент халқаро конференцияси муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Янги Давлат дастурини амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини очиш, шунингдек, самарали ҳамкорликнинг қўшма ташаббуслари ва илғор лойиҳаларини илгари суриш бўйича янгиланган йул харитасини тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.