Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Берлинда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Германия» биринчи саммити доирасида Германия канцлери Олаф Шолц билан ҳамкорлик истиқболларини фаол муҳокама қилди.
Музокараларда икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилиб, кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор иқтисодий, сармоявий, транспорт, энергетика ва бошқа муҳим йўналишларда бизнес шериклик алоқаларини кенгайтириш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида Берлинга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришда кучли туртки бўлгани таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баравар ошди.
Ўзбекистон бозорида Германиянинг кўплаб йирик компаниялари – Volkswagen, MAN, CLAAS, Siemens, Linde, Aurubis, Henkel, Knauf, Papenburg, Deutsche Kabel ва бошқалар муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон Президенти қўшма иқтисодий тадбирлар ўтказиш, муқобил энергия соҳасида лойиҳаларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, шунингдек, молиявий воситаларни кенгайтириш ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги аниқ таклифларни илгари сурди.
Давлат раҳбарлари маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият таҳлили юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Германия Федерал канцлери Олаф Шолцни икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни давом эттирган ҳолда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.