Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини умумхалқ сайловидаги ғалабаси билан табриклади

Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Қосим-Жомарт Токаевни Қозоғистон Республикаси Президенти умумхалқ сайлови муваффақиятли ўтказилгани ва ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.