Бугун, 21-ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Франция Президенти Эммануел Макроннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Парижга келди.
Париж-Орли аэропортида Ўзбекистон Президентини Франция маданият вазири Рима Абдул-Малак ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Бугун Шавкат Мирзиёев Франциянинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 22 ноябрга белгиланган.
Хусусан, парламент қуйи палатаси – Франция Миллий ассамблеяси раиси Яел Браун-Пиве билан учрашув бўлиб ўтади. Кейин Шавкат Мирзиёев ва Эммануел Макрон ўртасида музокаралар бўлиб ўтади.
Давлат раҳбарлари Лувр музейи ва Араб дунёси институтида ўзбек халқининг маданий меросига бағишланган йирик кўргазмалар экспозитсияси билан танишадилар.