Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга ташриф буюришни режалаштирмоқда

Видеоконференцалоқа форматида Ўзбекистон ва Корея Республикаси Бош вазирлари ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кореяга бўлажак ташрифини муҳокама қилдилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга ташрифига тайёргарлик масалаларини Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Хон Нам Ки муҳокама қилди.

Бўлажак тадбирлар ва ташрифнинг иқтисодий қисми, сармоявий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида ишлаб чиқилаётган келишувлар муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон ҳукумати портали хабарида.

“Кутилаётган тадбирларни амалий мазмун билан бойитиш ва аниқ келишувларга эришиш учун учта қўшма ишчи гуруҳ тузилди. Уларнинг вазифаси икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йуналишлари бўйича мавжуд масалаларини тезкорлик билан ҳал этишдан иборат”, — дейилади хабарда.

Музокаралар чоғида томонлар декабр ойига мўлжалланган бўлажак ташрифнинг бир қатор ташкилий ва мазмунли масалаларини келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 19-ноябр куни Россияга қайта сайланганидан сўнг илк расмий хорижий ташрифини амалга оширган эди. Ўзбекистон раҳбари Кремлда Владимир Путин билан учрашиб, у билан Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилди ва 18 та муҳим қўшма ҳужжат имзолади.