Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи дастури эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Бишкекда икки давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Асосий эътибор ўзаро савдони ривожлантириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилади.

Саммит якунлари бўйича қўшма ҳужжатларнинг мустаҳкам пакетини қабул қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи ҳақида Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабар берган эди. Хусусан, президент сафари чоғида Қирғизистоннинг Чуй вилоятининг Оқ-Сув қишлоғида енгил автомобиллар ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаши хабар қилинганди.