Шерзод Асадов: Ўзбекистон Украинадаги вазият бўйича нейтрал позицияда

Ўзбекистон Украинадаги воқеалар бўйича мувозанатли ва бетараф позицияни эгаллаб, вазият тезроқ тинч йул билан ҳал этилишига умид билдиради, дея изоҳ берди Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг телефон орқали мулоқотини.

«Кечадан бери менга ОАВ ва блогерларимиздан Ўзбекистон ва Россия президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунлари бўйича изоҳ беришни сўраб мурожаатлар тушмоқда. Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман. – деб ёзди у ўзининг Телеграм-каналида.

Асадовнинг таъкидлашича, икки томонлама бой кун тартибидаги долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан ҳам фикр алмашган.

Россия президенти давлатимиз раҳбарига махсус операция ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг сабаблари ва ҳолатлари ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбари томонлар тез орада вазиятни ҳал қилиш ва унинг янада кескинлашувига йўл қўймасликнинг ўзаро мақбул йўлларини топишига умид билдирди.

«Ўзбекистон бу масалада мувозанатли, нейтрал позицияни эгаллашини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатимиз Россия ва Украина билан анъанавий равишда яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз бепоён минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдан манфаатдормиз. Барча юзага келаётган низолар ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ асосида ҳал қилиниши керак”, – дея хулоса қилди у.