Таълим вазирлари 2022-йил кузида Тошкентда Бутунжаҳон конференциясини ўтказади

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида 2022-йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳрида Эрта ёшдаги болаларга ғамхўрлик ва таълим бўйича II Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Тегишли резолюция 2021-йил 5-ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 41-сессиясида қабул қилинган. Тадбир юқори даражага – иккинчи тоифага, яъни аъзо мамлакатларнинг таълим вазирлари даражасидаги иштирокини англатади. 200 та давлатдан 150 та таълим вазирлари келиши кутилмоқда.

Конференциянинг мақсади барча ёш болаларнинг сифатли парвариш ва таълим олиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлаш, шунингдек, уни умрбод таълим ва ривожланишнинг муҳим асоси сифатида тан олиш, аъзо мамлакатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда эришган ютуқларини баҳолашдан иборат, ёш болаларга, илғор тажриба ва инновациялар билан алмашиш, эрта ёшдаги болаларни парвариш қилиш ва таълимга сармояларни кўпайтириш бўйича устувор йуналишлар ва стратегияларни белгилаш.

Конференция якунлари бўйича якуний ҳужжат – Тошкент декларацияси қабул қилинади. Тошкент декларациясида 2030 йилгача бўлган даврда мактабгача таълимнинг халқаро кун тартиби белгилаб қўйилади. Якуний ҳужжат конференция доирасидаги маслаҳат жараёни давомида тайёрланади, БМТнинг 6 та расмий тилига таржима қилинади ва ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларга тарқатилади.

Конференция дастури 3 кунга мўлжалланган бўлиб, унда ялпи мажлислар ва панел муҳокамалари, вазирлар ва минтақавий учрашувлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг амалий тажрибаси билан танишиш кўзда тутилган.

Конференция доирасида мактабгача таълим соҳасидаги товарлар, хизматлар, инновацион маҳсулотларнинг халқаро кўргазмасини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Иштирокчиларнинг умумий сони 1500 кишини, шу жумладан 500 га яқин офлайн иштирокчиларни ташкил қилади. Унда халқаро ташкилотлар, ЮНЕСКОга аъзо давлатлар, бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари, шунингдек, эрта ривожланиш соҳасидаги таниқли олимлар ва арбоблар, Нобел мукофоти совриндорлари иштирок этиши кутилмоқда.