22 сентабр куни Тошкентда Литва фахрий консуллигининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Литва ТИВ раҳбари ўринбосари Мантос Адоменас бошчилигидаги делегация ҳамда таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.
Мантос Адоменас ўз нутқида жорий йилда Ўзбекистон ва Литва муҳим воқеа – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон-Литва ҳамкорлигида юзага келаётган тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳали фойдаланилмаган салмоқли салоҳият мавжуд.
Дипломатнинг таъкидлашича, фахрий консулликнинг ишга туширилиши ҳамкорлик алоқаларини, жумладан, таълим, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш учун янги имкониятлар очади.
У Литва делегациясининг Тошкентга ташрифи юқори даражада ташкил этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, бир кун аввал бўлиб ўтган ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди якунлари бўйича эришилган келишувлар самарали амалга оширилишига умид билдирди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Литва Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ҳамкори эканини, вазир ўринбосари Мантос Адоменаснинг жорий ташрифи икки томонлама ҳамкорлик даражаси ошиб бораётганининг тасдиғи сифатида баҳоланишини таъкидлади. Фахрий консуллик фаолияти томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Литва муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
22-сентабр куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон-Литва ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон ва Литва ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Ғайрат Фозилов ва Мантос Адоменас бошчилигидаги делегациялар турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.