Тошкентда “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йул линияси қурилиши муҳокама қилинди

Тошкентда Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларининг масъул вакиллари Трансафғон коридори темир йул линияси қурилишини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

Тошкент шаҳрида “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йул линиясини лойиҳалаш ва қуриш бўйича вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбарлари ҳамда масъул вакиллари иштирокида уч томонлама (Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон) ва кўп томонлама (Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон) музокаралар бўлиб ўтди.

“Томонлар ушбу лойиҳа яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, халқаро транспорт коммуникациялари ва савдо алоқалари соҳасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳимлигини таъкидладилар”, — дейилади “Ўзбекистон темир йуллари” акциядорлик жамияти хабарида.

Учрашувлар якунлари бўйича томонлар таклиф этилаётган темир йул линияларини тез орада жойида ўрганиш, ишчи гуруҳлар йиғилишларини мунтазам ўтказиш ва дастлабки техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилгандан сўнг халқаро молия институтларини лойиҳага жалб этишга келишиб олдилар.