Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 29-30 март кунлари бўлиб ўтади.
Режеп Тайип Эрдоғаннинг олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик Кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиши дастурнинг асосий нуқтасидир, деб хабар беради Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.
Ўзбекистон ва Туркия президентлари ўртасидаги музокаралар кун тартибига икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари киритилган.
Савдо, инвестиция, инновация, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурини фаол амалга оширишни давом эттиришга эътибор қаратилади.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Саммит якунлари бўйича қўшма баёнот қабул қилиш ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.