Туркия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамкорлик бўйича келишиб олди

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ўртасида имзоланган ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим, жумладан, жанговар тайёргарлик ва мудофаа саноати соҳасидаги шериклик масалаларини қамраб олади.

29-март куни Тошкентда Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро доиравий битим имзоланди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Аввал ёзганимиздек, имзолаш Туркия президенти Ражаб Тойиб Ердўғоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Ҳужжат ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим, шунингдек, мудофаа саноатини ривожлантиришга қаратилган, дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Ердўғон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича Туркия ўз ҳарбий-саноат комплекси имкониятларини баҳам кўришга тайёрлигини айтди.

«Туркиянинг бу борадаги ютуқлари аллақачон яққол кўриниб турибди», деди у.