Варшавада Ўзбекистон-Полша парламентлараро музокаралари бўлиб ўтди, унда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиёда иқтисодий ўсишни таъминлашда Ўзбекистондаги барқарорлик муҳим ўрин тутиши, бу Полша манфаатларига мос келиши таъкидланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилор Файзиева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида Полша парламенти вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Савдо, транспорт коридорлари, яшил иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Сейм спикери ўринбосари Кристоф Босак Европа Иттифоқида иқлим бўйича кун тартибининг кучайиши ва аъзо мамлакатлардаги ишлаб чиқарувчилар учун турли тўловлар жорий этилиши фонида Ўзбекистон товарларининг афзалликлари ҳақида ўз фикрини билдирди. Шунингдек, у март ойидаёқ йўлга қўйилиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган Тошкент – Варшава тўғридан-тўғри рейс муҳимлигини таъкидлади.