Владимир Норов тоғларни барқарор ривожлантириш бўйича йиғилишда иштирок этди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида тоғларни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда БМТга аъзо давлатлар ва ташкилот идоралари делегациялари иштирок этди. Қирғизистон ҳамкор ташкилотчи бўлди.

Муҳокама чоғида тоғ экотизимларида экологик вазиятни яхшилаш, ушбу ҳудудлар аҳолиси фаровонлигини ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, музликларни асраб-авайлаш чора-тадбирлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳам сўзга чиқди. У ўз нутқида йиғилганларни Ўзбекистонда тоғли ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги устувор вазифалар билан таништирди. Шунингдек, мамлакатимизда «яшил» кун тартибидаги масалаларни ҳал этиш, табиатни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлади.