Владимир Норов Ўзбекистонда ШҲТ Бош котиби билан учрашди

Бугун, 16-май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин Владимир Норов билан учрашиш учун Ўзбекистонга келди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот чоғида ШҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигида ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз раислигида ҳозиргача қирқдан ортиқ тадбир ўтказилгани таъкидланди. Шунингдек, жорий йилнинг май-сентябр ойларида ўтказилиши режалаштирилган олий даражадаги учрашувларнинг ташкилий масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ташаббуси билан юзага келган ва кун тартибини бойитган ҳамкорликнинг янги йўналишларини ҳам тилга олдилар. Масалан, ШҲТга аъзо давлатлар вазирлари биринчи марта ахборот-коммуникация технологиялари, қашшоқликни қисқартириш масалаларини муҳокама қилиш учун йиғилган бўлса, 17-май куни Тошкентда ўсимликлар карантини бўйича масъул идоралар раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

ШҲТ Бош котиби жорий йилнинг 15-16 сентабр кунлари бўлиб ўтадиган асосий тадбир – ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига қизғин тайёргарлик кўрилаётганини юқори баҳолади.

У, шунингдек, Самарқанд саммитининг мазмун-моҳиятини қайд этди. Шу муносабат билан томонлар бўлажак саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларни мувофиқлаштириш жараёнини тезлаштириш зарурлигини таъкидладилар.

Якунда томонларнинг ШҲТ фаолиятини янада ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалари билдирилди.

Мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги айрим масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият ҳам кўриб чиқилди.