Ўзбекистон 2022-йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раисликни ўз зиммасига олди

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммити иштирокчилари Ўзбекистонни келаси йил ИҲТ раислигига қўшилгани билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28-ноябр куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммитида иштирок этди.

ИҲТни динамик ташкилот сифатида мустаҳкамлаш, унга аъзо давлатлар ўртасида савдо, транспорт-коммуникация алоқалари, саноат кооперацияси, яшил энергетика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган кўп томонлама шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кун тартибидаги асосий мавзуларга айланди.

Саммитда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти нуфузини ошириш, унинг институционал механизмларини ривожлантириш ва етакчи халқаро тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти ИҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Ташкилот доирасида ҳар бир йилни соҳани ривожлантириш йили деб эълон қилиш анъанасини йулга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Давлатимиз раҳбари 2022-йилни ИҲТда алоқаларни мустаҳкамлаш йили деб эълон қилишни таклиф қилди.

Саммит якунига кўра, ҳаракат бўйича Ашхобод консенсуси қабул қилинди. Ҳужжат аъзо давлатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича асосий устувор йуналишларини ўзида мужассам этган.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, ташкилот бош котиби Ўзбекистонни 2022-йилда ИҲТ раислигига киришгани билан табриклади.