Ўзбекистон Афғонистонда Рамазон ойида содир этилган қатор терактларни қоралайди

Ўзбекистон Муборак Рамазон ойида Кобул, Мозори Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини кескин қоралайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.

Аҳоли ўртасида кўплаб қурбонларга олиб келган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувликни ўрнатишга тўсқинлик қилаётгани алоҳида таъкидланади.

«Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди», — дея хулоса қилди ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрел куни Афғонистоннинг учта шаҳрида бирданига портлашлар содир бўлган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, биринчи портлаш Кобулнинг бешинчи полиция округида содир бўлган, икки бола енгил жароҳат олган.

Иккинчи портлаш Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳридаги Сеҳ Дўкан масжидида намозхонлар аср намозига йиғилаётган вақтда содир бўлди.

Абу Али Сина-э-Балхи туман касалхонаси раҳбари Гусуддин Анварийга кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, 65 киши яраланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қурбонлар сони анча кўп.

Учинчи портлаш Қундуз вилояти марказининг Сардавар туманида содир бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган.

Ҳозирча ҳеч бир исломий гуруҳ, жумладан Ишид ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.