Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг ривожланиши: вазирлар учрашуви ва элчихонанинг очилиши

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Қатар Давлати ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад Ал-Мурайхий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сиёсий мулоқот, савдо ва сармоявий алоқалар, маданий-гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш ва истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартиби, жумладан, Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Қатар Давлатининг Тошкентдаги элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, унда икки давлат ҳукуматлари, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Қатарнинг Тошкентда дипломатик ваколатхонасининг очилиши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда янги босқич бўлиб, уларнинг амалий мазмун билан бойишига хизмат қилишига ишонч билдирди. Қайд этилишича, Қатар Ўзбекистон томонидан араб дунёсидаги муҳим, ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида қаралади.