Ўзбекистон чегара қўшинларига янги ваколатлар юкланади

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида депутатлар мамлакатимиз чегара қўшинларига янги ваколатлар берувчи қонунни кўриб чиқдилар.

Йиғилишда 1 феврал куни “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 287-моддаси 2-бандига мувофиқ чегара қўшинларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, зарур ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик, қонуний талабларни бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, шунингдек чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, чегара қўшинларига ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилган.

Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-21 ва 227-23-моддаларида назарда тутилган, яъни товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон божхона чегараси орқали божхона органлари томонидан белгиланган жойларни четлаб ёки божхона расмийлаштирувининг белгиланган вақтидан ташқари пайтда олиб ўтиш билан боғлиқ содир этилган ҳуқуқбузарликлар божхона постларидан узоқ ҳудудларда содир этилганлиги аниқланганда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатларини тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштириш талаб этиладиган вазиятлар юзага келмоқда.

Шу боис кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унга кўра чегара қўшинларига ушбу моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни, шунингдек, ушбу транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқбузарлик содир этганда транспорт воситаларини ушлаб туриш ваколати берилган.