Ўзбекистон чегарасига бешта ракета келиб тушди

Ўзбекистоннинг чегара зонасида Афғонистон ҳудудидан келгани тахмин қилинган бешта ракета қулагани қайд этилди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 5-июл куни соат тахминан 16:20 да содир бўлган. Снарядлар тушганда, портлашлар содир бўлмаган, бунинг натижасида одамлар қурбонлари ва вайронагарчиликлар бўлмаган.

Термиз шаҳридаги “Мажнунтол” маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бирлиги томонидан зарарсизлантирилди.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Афғонистон томони билан биргаликда ушбу ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.