Ўзбекистон делегацияси Хитойда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари молиявий разведка кенгашининг йиғилишида иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Саня шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг 25-йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда Арманистон, Беларуссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан молиявий разведка вакиллари, шунингдек, ушбу соҳадаги турли халқаро ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда бир қатор муҳим масалалар, жумладан, МДҲга аъзо мамлакатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги вазият таҳлили кўриб чиқилди. Шунингдек, терроризмни молиялаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти юзасидан ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш хавфини баҳолаш халқаро марказини ташкил этиш бўйича ишларнинг бориши муҳим мавзу бўлди. «Ислом банкинги» лойиҳасининг натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Кенгашда МДҲ мамлакатлари молиявий разведка бўлинмалари ўртасида ахборот алмашинуви тизими ва қабул қилинган қарорлар ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари МДҲга аъзо давлатларнинг Доимий вакиллари кенгаши тавсияларини инобатга олган ҳолда МДҲ давлатлари молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ишларни давом эттиришга қарор қилдилар.