Ўзбекистон ДХХ раҳбари Қирғизистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов туркий давлатлар махсус хизматлари конференциясида иштирок этди.

«Кабар» хабарига кўра, Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон-Ота шаҳрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) раислигида Туркий давлатлар махсус хизматлари конференциясининг XXIV йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, Россия ва Венгрия махсус хизматлари делегациялари кузатувчи сифатида иштирок этди.

Учрашувда Яқин Шарқ ва Афғонистондаги террорчилик фаоллиги зоналаридаги мавжуд вазият шароитида туркий давлатларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида махсус хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Конференция иштирокчилари Афғонистон ва Сурия қуролли можаро зонасидан келиб чиқадиган ҳамда терроризм ва диний экстремизмнинг тарқалиши билан боғлиқ террорчилик таҳдидларини маҳаллийлаштириш бўйича жавоб чоралари ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини келишиб олдилар.

Мазкур йиғилиш иши доирасида Қирғизистон президентининг туркий давлатлар махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Жапаров йиғилиш иштирокчиларига мурожаатида туркий давлатлар манфаатларига дахлдор ташқи таҳдид ва таҳдидларга қарши биргаликдаги ишларда яқин ҳамкорлик ва махсус хизматларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан очиқ мулоқот ва эшитилган маърузалар юзасидан фикр алмашилди, якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш бўйича қарор қабул қилинди.

Туркий давлатлар махсус хизматлари конференцияси 1998 йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси халқаро характердаги уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ва махсус хизматлар фаолиятининг келишилган бошқа йўналишларида самарали ҳамкорликни таъминлашдан иборат.