Ўзбекистон Президенти билан Қозоғистон Бош вазирининг учрашуви бўлиб ўтди

Бугун, 11-феврал куни Тошкентда Қозоғистон Бош вазири Алихон Смоилов ва Шавкат Мирзиёев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди, деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Бош вазир Алихон Смоилов Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг давлатимиз раҳбарига самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасида ўтган йил декабр ойида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув чоғида эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича икки давлат ҳукуматлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг кўрсаткичларини мувозанатлаш, саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини жадаллаштириш ва логистика марказларини ташкил этиш, сув-енергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.