Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Бугун, 30-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

– Ўз аждодлари, етук фарзандлари хотирасини эъзозлаган халқ ҳамиша эъзозга лойиқдир. Афсуски, тарихимизда халқ етакчиларини ҳаётлик чоғида улуғлаб, ўлимидан сўнг қоралаш ҳолатлари ҳам бўлган. Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг биринчи куниданоқ Ислом Каримовнинг эзгу ишлари давом этишини та’кидлаб, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарорлар қабул қилди. Биринчи президент мақбараси қурилган. Унинг таваллуд топган куни – 30-январ куни хотира тадбирларини ўтказиш анъанага айланган”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев “Ислом Каримов шахси ва хизматларини қанчалар эъзозласак, халқимиз, ёшларимиз маънавияти шунчалик мустаҳкам бўлади”, деб та’кидлади.

– Бугунги тадбир ана шу ҳақиқатнинг тимсоли бўлди. Қуръондан оятлар ўқилди. Ислом Каримовнинг халқимиз эзгулиги ва манфаати йулида амалга оширган ишлари, юксак инсоний фазилатлари – мардлиги, адолатлилиги ва ҳаёси ҳақида сўз юритилди”, — дейилади хабарда.

Маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент маъмурияти ва ҳукумати вакиллари, фан ва маданият арбоблари, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гуллар қўйилди.