Ўзбекистон Президенти янги тайинланган элчиларни қабул қилди

Бугун, 23-ноябр куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчиларнинг ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги элчилари Ким Хи Санг, Муса Жаманбоев, Жазоир Халқ Демократик Республикаси Бумедиян Геннад, Қозоғистон Республикаси Бейбут Атамқулов, Америка Қўшма Штатларидаги элчилари Жонатан Ханикдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, уларни Ўзбекистонда дипломатик миссияси бошлангани билан табриклади. Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда кучли демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишга қаратилган кенг кўламли ва аллақачон қайтариб бўлмайдиган ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Дунёдаги ноаниқ геосиёсий вазият шароитида Ўзбекистон ишонч ва ҳурматга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка, барча давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга асосланган мутаносиб ташқи сиёсат юритмоқда. Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва Америка давлатлари, араб-мусулмон дунёси билан алоқалар янги босқичга кўтарилди. Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жаҳон молия институтлари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Яқинда Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотининг олий даражадаги саммитлари бўлиб ўтди.

Бозор иқтисодиёти тамойилларини янада ҳаётга татбиқ этиш, хусусий секторни фаол қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизга хорижий капитал ва технологияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада кейинги 5 йилда иқтисодиётга киритилаётган хорижий инвестисиялар ҳажми 10 баробар ортиб, 40 миллиард долларга яқинлашди.

“Биз яқин 10 йилда республика ялпи ички маҳсулотини икки баробарга оширишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун бизда хоҳиш ва имконият бор. Келгуси 5 йил ичида инвестициялар ҳажмини 120 миллиард долларга етказишни, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестиция киритишни кутмоқдамиз. Мамлакатимиз дунёга, жаҳон бозорлари эса биз учун очиқ бўлиши керак”, — деди президент.

Давлат раҳбари янги тайинланган элчилар вакиллари бўлган мамлакатлар билан ҳар томонлама ва узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга, жорий йилда эса 30% га ўсиб, 2 миллиард долларга етди. Корея инвеститсиялари ҳажми ва қўшма корхоналар сони ҳам икки баробарга ошди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг етакчи компаниялари иштирокида тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши, геология, фармацевтика, металлургия, автомобилсозлик каби соҳаларда умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ юзга яқин инвеститсия лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Кореянинг илғор тажрибаси мамлакатимиз ахборот технологиялари, давлат бошқаруви, таълим ва тиббиёт соҳаларида кенг татбиқ этилмоқда. Бу йил 200 мингдан ортиқ корейс диаспораси вакиллари Ўзбекистонда истиқомат қилганининг 85 йиллигини нишонламоқда. Уларнинг ижтимоий фаолияти мамлакатлар ўртасидаги дўстликнинг ўзига хос кўприги бўлиб хизмат қилади.

2023-йилда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон-Корея бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган. Ҳамкорликнинг янги йуналишларини излаш ва ривожлантириш учун ушбу платформалардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Жазоир араб-мусулмон дунёсида жадал ривожланаётган давлатдир. Бугунги кунда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси шакллантирилиб, парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари самарали фаолият юритмоқда.

Президент умумий қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатларга тизимли тус бериш вақти келганини таъкидлади. Ҳамкорликнинг истиқболли йуналишлари қаторида нефт-газ тармоғи, тоғ-кон саноати, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фарматсевтика ва туризм соҳалари бор. Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида келгуси йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” саноат кўргазмасини ўтказиш таклиф этилди.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг энг муҳим ва ишончли глобал ҳамкорларидан биридир. Жорий йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига ўттиз йил, стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланганига йигирма йил тўлди.

Қўшма Штатлар Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қатъият билан қўллаб-қувватлаб келади. Ўзбекистонда Американинг General Electric, General Motors, Hyatt, John Deere, Boeing ва Honeywell каби етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари стратегик шерикликнинг янги шароитида Ўзбекистон савдо ва сармоя, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, таълим, инноватсиялар, соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг яқинда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида Америка компаниялари вакилларининг иштирок этиши уларни янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ишга туширишга ундашига ишонч билдирилди. “C5+1” форматидаги кўп томонлама ҳамкорлик ва Афғонистон бўйича мулоқотни давом эттириш минтақада барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Маросим сўнгида Президент элчиларга масъулиятли ва шарафли миссияларида улкан муваффақиятлар тилади, уларни дипломатик истеъдоди, фаоллиги ва ташаббусини Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, унинг улкан салоҳиятини юзага чиқариш, янги юксалиш нуқталарини излашга йуналтиришга чақирди.

Дипломатлар самимий қабул, уларнинг самарали фаолияти учун яратилган шарт-шароит учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш йулида бор билим ва саъй-ҳаракатларини сафарбар этишларига ишонтиришди.