Ўзбекистон Президенти Қозоғистон раҳбарини қўллаб-қувватлашини билдирди

Шавкат Мирзиёев бугун, 20-январ куни Қозоғистон Республикаси раҳбари Қосим-Жомарт Токаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдилар.

– Ўзбекистон-Қозоғистон сиёсий муносабатлари ривожланишининг бугунги динамикаси, товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани ва ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётгани, минтақалараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, савдо-логистика, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати ҳамда бошқа устувор йуналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, давлат раҳбари Қозоғистон президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.

“Телефон суҳбати анъанавий очиқ, ишчан ва дўстона муҳитда ўтди”, — дея хулоса қилди матбуот хизмати.