Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонига ташриф буюради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Саудия Арабистонида бўлади.

Бу ҳақда бугунги брифингда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Унга кўра, Жиддада олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади. «Яшил иқтисодиёт», юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Натижада икки томонлама ҳужжатлар пакетини имзолаш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари ва халқаро ташкилотлари – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан ҳам учрашади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Макка ва Мадинадаги исломнинг муқаддас шаҳарларига ҳам зиёрат қилади.

“Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига сўнгги 30 йил давомидаги илк ташрифи бўлади,” – деди Шерзод Асадов.