Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва Канада элчиси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

2024-йил 30-январ куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Канаданинг янги элчиси Алан Ҳамсон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда афғон масалалари контекстида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.

Афғонистон билан боғлиқ муаммоларни ҳал етишга қаратилган мунтазам мулоқотни давом еттиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини билдирди.

Афғонистон муаммосини ҳал этишда Тошкент ва Оттава позициялари кўп жиҳатдан мос келиши, бу ҳамкорлик янада самарали бўлишига хизмат қилиши таъкидланди.

Жорий йилнинг феврал ойида Доҳа шаҳрида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш раислигида Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг бўлажак учрашувига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Афғонистон йўналишида конструктив мулоқот ва ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Ушбу учрашувда Афғонистон муаммосини ҳал етишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва Канада ушбу минтақа учун барқарор ва тинч келажакка эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр экани таъкидланди.