Ўзбекистон раҳбари МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28-декабр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг мажлисида иштирок этди.

Жорий йилда ўзаро ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси 2022-йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлат раҳбари МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йуналишлари ҳақида гапирар экан, ҳамкорликни уч йуналишда: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар йуналишларда йулга қўйишни таклиф қилди.

МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Иштирокчилар эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор “яшил” ривожланишга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга оширишда сай-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал қилишда рақобатбардош устунлик ва иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдиришидан фойдаланган ҳолда янги ёндашувларни ишлаб чиқиш долзарблиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини кучайтирди. Ўзбекистон 40 дан ортиқ кўп томонлама шартномалар имзолаган ва 23 та тармоқ органига қўшилган. Ўтган йили мамлакатимиз илк бор МДҲга раислик қилди.

2021-йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми учдан бирга ошди, 1000 га яқин қўшма корхона ташкил этилди.

Давлат раҳбари ўз нутқи якунида Ўзбекистон МДҲ доирасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади ва саммит иштирокчиларини ва улар тимсолида дўст халқларни кириб келаётган Янги йил билан табриклади.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга амалий ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.