Ўзбекистон раҳбари Россия Федерацияси парламент делегацияси билан музокаралар ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёев 28-ноябр куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги Россия парламенти делегациясини қабул қилди.

Учрашув аввалида Вячеслав Володин Ўзбекистон раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда парламентлараро алоқаларнинг юқори динамикаси, Ўзбекистон ва Россия ҳудудларида – икки мамлакат парламентлари палаталари ва айниқса қўмиталари раҳбарияти даражасида янги форматдаги йиғилишлар ўтказиш амалиёти жорий этилгани таъкидланди.

Янги ташкил этилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятини ташкил этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий натижалари мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми учдан бир қисмга ўсди.

Ўзбекистонга Россия сармояси жалб қилиниб, нефт-газ, энергетика, тоғ-кон-металлургия, қишлоқ хўжалиги тармоқларида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари изчил кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳада, биринчи навбатда, таълим ва фан, шунингдек, туризм саноатида самарали ҳамкорлик ривожланмоқда.

Россия делегацияси аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар йилларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшларга таълим-тарбия бериш, соғлиқни сақлаш салоҳиятини юксалтириш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги ишларни юксак баҳоладилар.