Ўзбекистон раҳбари Туркий кенгаш саммитида иштирок этади

Президент Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрида бўлиб оʻтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш ниятида.

Туркий кенгашнинг навбатдаги саммити тадбирлари 2021-йил 11-12-ноябр кунларига режалаштирилган, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бўлажак саммит кун тартибига Кенгаш доирасидаги кўп қиррали алоқаларни, биринчи навбатда, савдо, сармоя, “яшил иқтисодиёт”, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Давлат раҳбарининг ташрифи дастурида Истанбулда бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун: Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ушбу тузилмага аъзо давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш мақсадида 2009-йилда ташкил этилган.

Ҳозирда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон Кенгаш аъзолари ҳисобланади. Мамлакатимиз ташкилотга 2019-йилда аъзо бўлган. Венгрия Туркий Кенгашда кузатувчи мақомига эга.