Ўзбекистон Республикаси билан Исроил ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Исроил парламенти – Кнессетда Бухоро яҳудийлари жамияти ҳамда Ўзбекистон билан Исроил ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни президент Лев Левиев бошчилигидаги Бутунжаҳон Бухоро яҳудийлари конгресси ташкил қилди. Унда Кнессета спикери Амир Оҳана, парламент аъзолари, ҳукумат аъзолари ва Исроилнинг таниқли жамоат арбоблари, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги бухорий яҳудий жамоалари вакиллари иштирок этди.

Иштирокчиларнинг чиқишларида Исроил давлати тараққиётида, хусусан, яҳудий халқининг маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштиришда Бухоро яҳудий жамоасининг тарихий ўрни қайд этилди.

Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига алоҳида эътибор қаратилди. Исроил томони замонавий Ўзбекистон ҳудудида кўп асрлар давомида ўзаро ҳамкорлик ва тинч-тотув яшаш учун ўзбек халқининг яҳудий оилаларига кўрсатган мардонавор ёрдами, меҳмондўстлиги ва самимийлиги учун юксак ҳурмат ва самимий миннатдорлик изҳор этди.

Конгресс таклифига биноан жорий йил 23-февраль куни бўлиб ўтган Бутунжаҳон Бухоро яҳудийлари конгрессининг 23-Конгрессида Ўзбекистондан келган бухор яҳудийлари жамоаси вакиллари иштирок этди. Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн фахрий меҳмон сифатида ўзининг қутлов нутқида Исроил энг дўстона давлатлардан бири – Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларга катта аҳамият беришини таъкидлади. У Ўзбекистонга яҳудий халқига бўлган ҳурмат ва самимий муносабат, Иккинчи жаҳон уруши йилларида яҳудий оилаларига кўрсатилган саховат ва ёрдам учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, ўзбек халқининг ана шу эзгу намунасини халқаро ҳамжамиятга етказиш муҳим вазифадир.

Бутунжаҳон Бухоро яҳудийлари конгресси 2000 йилда ташкил этилган. Бухор яҳудийларининг урф-одатлари ва маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштиришга кўмаклашиш, жамоат ибодатхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш қурултой фаолиятининг асосий йўналишларидандир.

Ҳозирги вақтда турли маълумотларга кўра, дунёда 250-300 мингга яқин бухориялик яҳудийлар яшайди, улардан 200 минги Исроилда, 70 минги АҚШда.